Пандемиянинг иккинчи йилида коронавирусга қарши вакциналарнинг тўлақонли глобал бозори шаклланди. Ноябрь ойи охирида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) коронавирусга қарши вакциналарнинг глобал савдоси ҳақидаги маълумотларни мунтазам кузатиб бориш бўйича қўшма лойиҳани ишга туширди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «FDA»

Ушбу маълумотларга кўра, коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича жаҳон етакчилари ичида 45 фоиз улуш билан Хитой биринчи, 22,4 фоиз улуш билан Европа Иттифоқи иккинчи, 15,6 фоиз билан Ҳиндистон учинчи ўринни эгаллаган. Ушбу рейтингда АҚШ тўртинчи, Россия бешинчи, Жанубий Корея эса олтинчи ўринда қайд этилган.

Таъкидланишича, етказилган вакциналар бўйича дунёда биринчи ўринни Хитойнинг «Sinovac» (декабрь ойининг бошига келиб, тахминан 2,37 миллиард доза ишлаб чиқарилган), иккинчи ўринни «AstraZeneca» (2,26 миллиард доза) ва учинчи ўринни эса «Sinopharm» ( деярли 2,1 миллиард доза) эгаллаган.

ЖСТ маълумотларига кўра, жами 10 миллиард дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 3,7 миллиард дозаси бошқа мамлакатларга экспорт қилинган.

Аввалроқ дунё бўйлаб энг талабгир вакциналарнинг янгиланган рейтинги эълон қилинганди.