Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ жиноят содир этган шахслар давлат хизматига қабул қилинмаслиги мумкин.

28-декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Давлат фуқаролик хизматлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда нафақат коррупция жиноятини содир этган шахслар билан боғлиқ бандлар, балки давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топади.

Фото: «Bugun.uz»

Қозоғистонда автобусда ҳалокатга учраган ўзбекистонликлар ҳақида баёнот берилди.

Хабарингиз бор, 27 декабр куни Қозоғистоннинг Олмота–Бишкек автомагистралида ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус «Mercedes» русумидаги автомашина билан тўқнашиб кетган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди. Баёнотда жабрланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганлиги, воқеа жойига автобус ташкил этилиб, ўзбекистонликлар Олмаота–Тошкент йўналиши бўйлаб мамлакатга қайтиб келганлиги айтилади.

UzCard ва Humo пластик карталари интеграция қилинади.

Яқин келажакда кассир томонидан Uzcard ва Humo карталари учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди — савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Қонунчиликда яна бир янгилик. Узоқ муҳокамаларга сабаб бўлган «Реклама тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Учинчи ўқишда қабул қилинган қонуннинг айрим бандлари бир қанча муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Мазкур ҳужжат орқали реклама ва ОАВ соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувнинг олдини олиш каби мақсадлар кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, унда рекламанинг айланиши соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг аниқ ваколати белгилаб қўйилган.

Тошкентдан учган самолёт Андижон аеропортига қўна олмади.

Ноқулай об-ҳаво шароити, янада аниқроқ айтганда, туманли шароитда Андижон ҳудудига қўнишни амалга ошира олмаган самолёт Фарғона халқаро аеропортида қўним топди. Маълумот ўрнида, мазкур парвоз «ҲЙ-091» Тошкент–Андижон йўловчи рейси бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ёрдам пули берилмайди.

Куни кеча интернет тармоқларида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги чет элдаги ўзбекистонлик муҳожирларга пул тарқатади мазмунидаги хабарлар тарқалган эди. Унда зарур озиқ-овқат ва гигиена воситаларини сотиб олиш учун хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (132 доллар) миқдорида бир марталик ёрдам ажратиш тизими мавжудлиги, ушбу ёрдам пулини олиш 4049 нафар киши мурожаат қилгани ва шулардан 3971 нафарига ёрдам кўрсатилгани таъкидланган. Бироқ агентлик мазкур хабарни тасдиқламади. Бу пайтда президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин таклифи билан Россия давлатига жўнаб кетди.

Хўш, оламда нима гап?

«Биз Тожикистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича фаол ишлаяпмиз» – Путин

Россия президенти Владимир Путин Афғонистондаги вазият фонида мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини таъминлаш учун Тожикистонга қўшимча ҳарбий техника йэтказиб берилишини маълум қилди. Санкт-Петербургда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар чоғида Путин тожик–афғон чегарасидаги вазиятдан хавотирда эканини айтган. Аввалроқ Россия Марказий Осиёдаги 2 давлатга янги алоқа тизимини жойлаштириши маълум қилинганди.

Порошенко Украинага қачон қайтишини маълум қилди.

Давлатга хиёнат қилганликда айбланиб Украинадан чиқиб кетган собиқ президент Пёрт Порошенко ўзига қўйилган барча айбловларга мамлакатга қайтганидан кейин жавоб маълум қилди. «Январь ойининг биринчи ярмида Украинага қайтаман. Ўшанда давлатга хиёнат ва терроризмни молиялаштириш ҳақидаги барча саволларга жавоб бераман», — деган Порошенко.

Порошенко биринчи марта Донбассдан кўмир етказиб бериш иши бўйича давлатга хиёнат қилиш ва терроризмга ёрдам беришда айбланган. Собиқ президент унга нисбатан 130 та жиноий иш очилгани, бироқ уларнинг 40 га яқини ёпилганини айтган. Ҳозирда Порошенко Сергей Семочконинг Украина ташқи разведка хизмати раҳбари ўринбосари этиб тайинлангани ишида гумонланувчи мақомига эга. Бу ишда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. Порошенко судяларни тайинлаш, давлат чегараси орқали расмларни олиб ўтиш, Керч бўғозида Украина кемалари билан содир бўлган воқеа билан боғлиқ жиноий ишларда ҳам алоқадорликда гумонланмоқда. Бу ишларда собиқ президент гувоҳ мақомига эга.

Фото: «Reuters»

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.