Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко ўзига қўйилган барча айбловларга мамлакатга қайтганидан кейин жавоб беришини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 декабрь куни Украинани тарк этган Порошенконинг дипломатик ташриф билан Туркия ва Польшага йўл олгани хабар берилган. Таъкидланишича, собиқ давлат раҳбари ўз ватанига январь ойи ўрталарида қайтишга ваъда берган. «Январь ойининг биринчи ярмида Украинага қайтаман. Ўшанда давлатга хиёнат ва терроризмни молиялаштириш ҳақидаги барча саволларга жавоб бераман», — деган Порошенко.

Таъкидланишича, Украина Бош прокуратураси суддан Порошенкони давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олишни сўраган. Украинанинг «Европа бирдамлиги» партияси буни сиёсий репрессия деб ҳисобламоқда. Украинадаги қатор оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, суд Порошенкони судга олиб келиш ва эҳтиёт чорасини сифатида ҳибсга олишга рухсат берган.

Порошенко биринчи марта Донбассдан кўмир етказиб бериш иши бўйича давлатга хиёнат қилиш ва терроризмга ёрдам беришда айбланган. Собиқ президент унга нисбатан 130 та жиноий иш очилгани, бироқ уларнинг 40 га яқини ёпилганини айтган. Ҳозирда Порошенко Сергей Семочконинг Украина ташқи разведка хизмати раҳбари ўринбосари этиб тайинлангани ишида гумонланувчи мақомига эга. Бу ишда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. Порошенко судьяларни тайинлаш, давлат чегараси орқали расмларни олиб ўтиш, Керч бўғозида Украина кемалари билан содир бўлган воқеа билан боғлиқ жиноий ишларда ҳам алоқадорликда гумонланмоқда. Бу ишларда собиқ президент гувоҳ мақомига эга.

Аввалроқ Украина собиқ президенти Порошенко давлатга хиёнат қилишда айблангач, мамлакатдан чиқиб кетганди. Шунингдек, унинг терговда қатнашмаслиги маълум қилинганди.