Навоий вилояти Кармана тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Насиба Содиқова огоҳлантиришларга қарамай, йўл қўйган камчиликлари учун ишдан олинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Маълум қилинишича, туман ХТБ Халқ таълими вазирлигининг топшириғига зид равишда чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 миллион сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлган.

Шу боис вазирликнинг бир неча бор мазкур ҳолат юзасидан огоҳлантиришига қарамай, ушбу ҳолатга йўл қўйгани учун туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Насиба Содиқова ўз вазифасидан озод этилган. Шунингдек, туман ХТБнинг бош ҳисобчиси ва хорижий тиллар методистини лавозимидан озод этиш юзасидан вазирлик раҳбарияти томонидан топшириқ берилган.

«Халқ таълими вазирлиги юқоридаги каби ҳолатлар қайтарилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда кескин ва аёвсиз чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Президентнинг 2021 йил 20 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 миллион сўмдан маблағлар ажратиш кўзда тутилган.

Тавсия этиладиган дарслик ва ўқув қўлланмаларининг рўйхати ҳамда уларни сотиб олганлик тўғрисида ҳисобот шакли Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.

Аввалроқ Учқўрғон ҳокими фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ишдан олинганди.