Ковиднинг инсон организмида узоқ вақт сақланиб қолиши сабаби маълум бўлди

Россиялик тиббиёт фанлари номзоди, иммунолог Николай Крючков коронавируснинг инсон организмида узоқ вақт сақланиб қолиши сабабини маълум қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «Известия»

Унинг сўзларига кўра, инсон танасида 7,5 ойгача бўлган даврда коронавируснинг сақланиб қолиши иммунитет тизимининг бирон сабабга кўра вирусга қарши туролмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Таъкидланишича, мутахассис «Nature» журналида чоп этилган АҚШ Миллий институтлари олимлари тадқиқоти натижаларига изоҳ берган. Тадқиқот хулосасида коронавирус кўпинча тана тўқималари орқали, шунингдек, ўпкадан ташқарида тарқалаётгани, айни пайтда вирус нафас олиш, юрак-қон томир ва асаб тизимларига таъсир қилишда давом этаётгани, шунингдек, 230 кундан кейин ҳам организмда унинг «излари» топилгани айтилган.

Мутахассиснинг айтишича, бу кўпинча сурункали касалликлар фонида, вирус организмда номутаносибликни келтириб чиқарадиган ва ички тизимлар коронавирусни «тозалай» олмаганида содир бўлади. Шу сабабли сурункали яллиғланиш пайдо бўлади, нотўғри мослашиш ва органлар, тўқималарнинг дисфункцияси кучаяди.

Бунинг сабаби, шунингдек, тананинг аутоиммун реакцияси, қон ивишининг бузилиши (тромбоз) ва айрим беморларда аутоиммун яллиғланиш ҳам бўлиши мумкин.

Аввалроқ ЖССТ коронавирусдан тузалганларга ҳам янги штаммлар юқишини маълум қилган, шунингдек, жамоат жойларида қўлқоп тақиб юриш аҳамияти ҳақида маълумот берганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз