Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 28 декабрдаги мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги бўйича норма ўз аксини топмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва тегишли субъектларнинг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжатда, шунингдек, биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аввалроқ Қонунчилик палатаси мажлисида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Реклама тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди.