Вазирлар Маҳкамасининг 27 декабрдаги қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзгартишларга кўра, адвокатлик лицензиясини олишга оид аризалар адлия органлари томонидан 10 иш кунида кўриб чиқилади (илгари 20 иш куни эди). Шу билан бирга, васийлик ва ҳомийликка тўсқинлик қилувчи жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди (илгари қасддан содир этган жинояти учун ҳукм қилинганларнинг барчасига чеклов мавжуд эди).

Қайд этилишича, тадбиркорликни қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилганидан 5 иш куни ичида қайта рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилинса, давлат божи тўланмайди. Тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун гувоҳнома берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида йиғим (54 минг сўм) ундирилади (илгари БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилган).

Аввалроқ Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилиниши хабар қилинган. Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ушбу тартиб 2022 йил 1 январдан бошлаб амал қилишини маълум қилганди.