«Панжшер арслони»нинг укаси «Толибон» ҳаракати қандай қилиб ғалаба қозонганини айтди
Бунинг бир нечта сабаби борлиги таъкидланган
Асли тожик бўлган афғон дала қўмондони, Афғонистон мудофаа вазири ҳамда «Панжшер арслони» номи билан ҳам танилган Аҳмадшоҳ Масъуднинг укаси Аҳмад Зиё Масъуд Панжшер нима учун «Толибон» ҳаракатини тўхтата олмаганини айтди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Панжшернинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари мамлакат собиқ президенти Ашраф Ғани билан ҳамкорлик қилган. Ғани қочиб кетганидан кейин эса улар аҳолини жангга ундай олмаган.
«20 йил давомида Панжшер мамлакатдаги энг хавфсиз вилоятга айланди ва бу аҳолини тинчлантирди. Ёшлар энди урушга эмас, университетларга бора бошлади. Панжшер халқининг узоқ давом этган қарама-қаршиликка нисбатан иқтисодий, ҳарбий-сиёсий ва психологик тайёргарлиги йўқ эди», — дейди Аҳмад Зиё Масъуд.
Унинг қайд этишича, бундай урушларда бир кунда ғалаба қозониб бўлмайди, Панжшер эса мағлуб бўлмаган. Ҳозирги ҳолат ғалабага эришишга замин яратадиган умумий қаршиликнинг бошланиши, холос. «Ғани ‘Толибонʼ ҳаракатига афғон армиясининг барча техника ва ўқ-дориларини берди, уни ортда қолган вилоятлардаги партизанларга ўтказишга рухсат бермади», — дея қўшимча қилган Аҳмад Зиё Масъуд.
Аввалроқ Панжшер аҳолиси «Толибон» ҳаракатига қарши оммавий намойиш ўтказганди. Шунингдек, Тожикистон президенти Аҳмад Масъуднинг отасини орден билан мукофотлаганди.