Аввалроқ россиялик миллиардерлар Путин ҳақида китоб ёзган британиялик журналистни судга берганди. Шунингдек, «Путиннинг одамлари» китобини чиқарган компания россиялик миллиардерларнинг талабига рози бўлганди.
«Путиннинг одамлари» китобининг Алишер Усмоновга оид қисмига ўзгартириш киритилди
Китобда миллиардер ўз мансабидан фойдалангани ҳақида айтилганди
Британиянинг «Financial Times» нашри собиқ журналисти Кетрин Белтоннинг «Путиннинг одамлари: Давлат хавфсизлик қўмитаси қандай қилиб Россияни қайтариб олди ва кейин Ғарбда ҳужумга ўтди?» китобининг Алишер Усмоновга алоқадор қисмига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда бизнесменнинг вакили «РБК»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, китобнинг биринчи нашрида (2020 йилда нашр этилган) миллиардер «Газпром»даги (2000 йилдан 2014 йилгача Усмонов «Газпром Инвестхолдинг» МЧЖни, шунингдек, фонд бозорида операциялар ва бош компаниянинг муаммоли активларини қайтариш билан шуғулланган «Газпром» шўба корхонасини бошқарган) мавқеидан фойдаланиб, активларни сотиб олиш ва бойлигини ошириш ҳақида ёлғон маълумот келтирилган.
Усмонов вакилининг айтишича, бу даъволарни рад этиш учун «ишончли далиллар» келтирилган (аммо уларнинг қандай маълумот эканига аниқлик киритмаган). Натижада Белтон ва «HarperCollins» ўзгаришларни амалга оширишга рози бўлган.
Китобнинг қайта кўриб чиқилган нашрида Усмонов Британия элитасига пора беришга ёки унга киришга урингани инкор этилган. Бундан ташқари, Усмонов Буюк Британиядаги сиёсий партияларга ҳеч қандай хайрия қилмагани ва Британия элитаси вакиллари билан норасмий алоқалар ўрнатмагани айтилган. Шунингдек, Усмонов Кремлнинг «ишончли одами» сифатида кўрилгани ҳақидаги баёнот ҳам истисно қилинган.
Усмоновнинг бизнес шериги, «USM» асосчиси ва компания директорлар кенгаши раиси Фарҳод Мошири, ўз навбатида, миллиардер томонидан эътироз билдирилган даъволар электрон китоб ва аудиокитобда олиб ташланганини, шунингдек, кейинги ва келажакдаги босма нашрларга ҳам ўзгартиришлар киритилишини айтган.
Маълумот ўрнида, «Путиннинг одамлари: Давлат хавфсизлик қўмитаси қандай қилиб Россияни қайтариб олди ва кейин Ғарбда ҳужумга ўтди?» номли китоби 2020 йил июнь ойида нашр этилган. Унинг муаллифи Россияда 16 йил яшаган «Financial Times» газетасининг собиқ мухбири Кетрин Белтон бўлиб, китобда таъкидланишича, ДХҚнинг собиқ зобитлари ва Путинга яқин бўлган хавфсизлик хизмати ходимлари Россиядаги йирик компаниялар ва давлат муассасаларини эгаллаб олган.