Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич қизи, мамлакат маданият вазири Айшат Қодирова «Чеченистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Чечня Сегодня»

Маълум қилинишича, Айшат Қодированинг ушбу унвонга сазовор бўлгани ҳақида Чеченистон миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва матбуот бўйича вазири Ахмед Дудаев маълумот берган.

«Мен Чеченистон республикаси маданият вазири Айшат Рамзановна Қодировани ўзига ишониб топширилган соҳада ‘Чеченистонда хизмат кўрсатган маданият ходими’ унвони билан тақдирлангани билан чин қалбимдан табриклайман», — деб ёзган Дудаев Instagram’даги саҳифасига.

Маълумот ўрнида, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи, республика Маданият вазирлигини бошқараётган Айшат Қодирова «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» медали билан тақдирланганди.  Маълум қилинишича, медаль Айшатга фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Чеченистон Республикасининг ижтимоий ва маданий ҳаётини ривожлантириш, чечен халқининг маданий ва тарихий меросини сақлаш ва оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссаси, юқори касбий маҳорати, шунингдек, фуқаролик жамияти ва ҳукуматнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун берилган.

Айшат Қодирова 1998 йил 31 декабрда туғилган. У Чеченистон давлат университетини тамомлаган, 2016 йилдан буён «Firdavs» мода уйининг директори, 2020 йилнинг сентябридан Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлашни бошлаган.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров иккинчи қизи Хадижат Қодировани «Чеченистон республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан тақдирлаганди. Шунингдек, Рамзан Қодировнинг Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилгани ҳақида хабар берилган.