Қонунчилик палатасининг 28 декабрдаги мажлисида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Реклама тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, депутатлар кўпдан буён кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортган «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиққан. Қонун лойиҳасида рекламанинг айланиши соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг аниқ ваколати белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжат билан реклама ва ОАВ соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувнинг олдини олиш мақсадида айрим нормалар бекор қилинади.  Қайд этилишича, «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинган.

Аввалроқ мажлисда депутатлар «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиққани хабар қилинганди. Унда интернет рекламани тартибга солиш учун қонунчиликка интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, республикада интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифлари киритилган.