Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Фото: «Zakon.kz»

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси 27 декабрь куни Олмаота–Бишкек автойўлида 33 киши, шу жумладан, мамлакат фуқароларини олиб кетаётган автобус иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарқалган ахборотни тасдиқлайди.

Олинган маълумотларга кўра, жабрланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Воқеа жойига автобус ташкил этилиб, ўзбекистонликлар Олмаота–Тошкент йўналиши бўйлаб мамлакатга соғ-саломат қайтиб келган.

Маълумот учун, Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Олмаота–Бишкек автомагистралида 27 декабрь куни соат тахминан 21:40 да ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ва «Mercedes» автомобили тўқнашганди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари кетаётган автобус тўла бўлган, «Mercedes»да эса 6 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида «Mercedes»да бўлган уч киши ҳалок бўлган. Жабрланганлар орасида автобус ва машина ҳайдовчилари, шунингдек, шифохонага ётқизилган «Mercedes»нинг икки йўловчиси ҳам бор. Автобус ҳайдовчиси жиддий жароҳат олмаган, шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйига жўнаб кетган. Енгил автомобиль ҳайдовчиси эса ўзига келган, икки йўловчининг аҳволи оғир.