Ташқи меҳнат миграцияси Россиядаги меҳнат муҳожирларига бир марталик ёрдам пули берилиши тўғрисидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга изоҳ берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати

Интернетда тарқалган хабарга кўра, Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги чет элдаги ўзбекистонлик муҳожирларга пул тарқатади. Президент қарори билан фуқароларга 132 доллар миқдорида бир марталик ёрдам пули берилади.

Шунингдек, хабарда зарур озиқ-овқат ва гигиена воситаларини сотиб олиш учун хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (132 доллар) миқдорида бир марталик ёрдам ажратиш тизими мавжудлиги, ушбу ёрдам пулини олиш 4049 нафар киши мурожаат қилгани ва шулардан 3971 нафарига ёрдам кўрсатилгани таъкидланган.

Агентлик ушбу хабарда айтилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Маълум бўлишича, сўнгги вақтларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги номидан ижтимоий тармоқларда фуқароларни турли сохта хабарлар билан чалғитиш, ҳатто маълум миқдордаги тўлов эвазига моддий ёрдам беришни ваъда қилаётган ҳолатлар учрамоқда.

«Хорижда оғир аҳволга тушиб қолган меҳнат мигрантлари моддий ёрдам сўраб, фақат www.birgamiz.com платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин. Моддий ёрдам олиш учун ҳеч қандай тўлов талаб этилмайди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида ҳам Миграция агентлиги худди шу мазмундаги хабар юзасидан раддия берганди.