Самарқанд вилоятида икки фуқарони Америка Қўшма Штатларига юбориш учун улардан 60 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд туманида яшовчи, 1985 ва 1991 йилларда туғилган икки нафар шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи икки фуқарони АҚШга юбориш учун уларнинг ҳар биридан 30 мингдан, жами 60 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтларида ушланган.

Аниқланишича, уларни Ўзбекистон–Туркия–Боливия–Колумбия–Мексика–АҚШ йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбориш режалаштирилган. Шунингдек, уларга йўлга чиқишдан аввал ПЗР-тест маълумотномасига ва ҳисобида 4 минг АҚШ доллари бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги ҳамда ҳар бир давлат ҳудудида уларни кузатиб қўювчи шахсларнинг талабларини, жумладан, Амазонка дарёсининг Колумбиядан оқиб ўтувчи қисмидан ва Мексиканинг ўрмонларидан ўтиб олиш бўйича талабларини бажаришлари зарурлиги тушунтирилган.

Бундан ташқари, тадбир давомида ҳибсга олинган шахсларда 60 дан ортиқ фуқароларнинг паспорт нусхалари борлиги ҳам аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 44 ёшли аёлни фоҳишалик учун Туркияга юбормоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда қизларни фоҳишалик учун Туркияга юбормоқчи бўлган аёл суд қилинган.