Тожикистоннинг норозилик намойиши бўлиб ўтган вилоятида интернет блокланди
Расмийлар ҳолат юзасидан маълумот берди
Тожикистоннинг норозилик намойиши бўлиб ўтган Тоғли Бадахшон автоном вилоятида интернет блокланди. Бу ҳақда «ASIA-Plus» хабар берди.

Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идораларидаги манбаларнинг хабар беришича, минтақада интернетнинг бир ойдан ортиқ вақтдан буён блокланишига янги норозилик намойишлари ва расмийлар билан тўқнашув хавфи сабаб бўлган.
Таъкидланишича, вилоятда 1 ойдан буён интернетнинг блоклангани ҳақида 25—28 ноябрь кунлари бўлиб ўтган митинг иштирокчиларидан иборат музокарачилар гуруҳи раҳбари Фарўмуз Эргашев хавфсизлик кучлари ва Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмурияти вакилларининг сўзларига таянган ҳолда очиқлаган.
«Биз вақти-вақти билан минтақа раҳбарияти ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан учрашиб турамиз. Навбатдаги учрашувимизда Интернет борасида вазият жуда таранг эканини айтди», — дейди Эргашев. Унинг айтишича, аҳолига нисбатан жиноий ишлар жуда тез қўзғатилади, ҳокимият ходимларига оид ишлар эса деярли ўрганилмайди.
Хоруғда нима бўлганди?
Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмурий марказида 25 ноябрь куни Гулбиддин Зиёбеков ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказиш ва айбдорларни жазолаш талаби билан норозилик акцияси ўтказилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, Зиёбеков одамларни гаровга олгани ва нафрат уйғотгани учун қидирувда бўлган ва қўлга олиш вақтида қуролли қаршилик кўрсатгани учун хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг вазият 28 ноябрь якшанба куни кечқурун изига тушган.
Расмийларнинг аниқлик киритишича, прокуратура ваколатига кирувчи масалалар Тожикистон қонунчилигига мувофиқ фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда текширилади, баҳоланади ва ҳал қилинади.
Аввалроқ Тожикистон прокуратураси норозилик намойиши бўлиб ўтган Хоруғдаги вазият юзасидан баёнот берганди. Шунингдек, Тожикистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жарима миқдори оширилганди.