Туркманистон президентининг ўғли отаси сабабли мамлакатда озиқ-овқат нархи арзон эканини айтди

Бош вазир ўринбосари, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов отасининг фаол қўллаб-қувватлаши туфайли Туркманистон бозорларига йил давомида арзон нархда, етарли миқдорда маҳсулотлар етказиб берилаётганини айтди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «РБК»

Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг ўғли отасининг топшириғи билан вилоятларга қилган сафаридан сўнг шундай хулосага келган. 24 декабрь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида кичик Бердимуҳамедов бозорлардаги вазият, кенг ассортиментдаги товарлар ва уларнинг нархини таъминлаш масалаларини ўргангани, ишлаб чиқарувчилар, савдо ходимлари, тадбиркорлар, харидорлар ва жамоатчилик билан учрашганини маълум қилган.

Сафар чоғида у мамлакат пештахталарида «импорт эмас, маҳаллий товарлар устунлик қилаётгани» ва мижозларга банк ўтказмаси орқали хизматлар кўрсатилаётганини қайд этган. Шу билан бирга, йиғилишда сўзга чиққан Сердар Бердимуҳамедов аҳолини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш лозимлигини айтган.

Шунингдек, рақамли тизимни жорий этиш орқали савдо хизматларини кенгайтириш устида ишлаш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, озиқ-овқат мўл-кўллиги, товар хилма-хиллиги ва нархнинг арзонлашишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни доимий назорат қилиб боришни таклиф этган. Президент Гурбангули Бердимуҳамедов 17 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида ўғлига ҳудудларга бориб, дўкон ва бозорларни кўздан кечириб, товарлар нархи билан танишишни топширган.

Аввалроқ Туркманистон президенти ўғлига ўз отини совға қилганди. Шунингдек, ўғлини 2 та янги лавозимга тайинлаганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз