Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Россиянинг Ленинград вилояти Кировский тумани Войтолово қишлоғида давлатлараро қидирувда бўлган 58 ёшли ўзбекистонлик эркак қўлга олинди

Фото: «РБК»

Маълум қилинишича, қўлга олинган ўзбекистонлик шахс Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида рўйхатдан ўтмай яшаб келган. У Ўзбекистонда 2018 йил июнь ойида асраб олган 15 ёшли қизини номусига теккани учун қидирувга берилган.

Сирдарё ҳокимлиги харид қилинган 477,9 миллион сўмлик машинани автосалонга қайтариб берди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги «Roodell» МЧЖдан 21 декабрь куни «Kia Sorento Comfort» русумли автомобиль харид қилган эди. Ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгандан кейин ҳокимлик ва автомобиль етказиб берувчи автосалон ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди.

Таъкидланишича, 477,9 миллион сўм маблағ «Саховат ва кўмак» жамғармасига йўналтирилган.

«Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, тармоқ фаоллари ўз қарашларини баён этди. Кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳокимлик ҳамда автомобиль етказиб берувчи автосалон ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди.

Мазкур маблағ маҳаллий бюджетга тикланган ҳолда вилоятдаги эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилаларни янада қўллаб-қувватлаш учун ‘Саховат ва кўмак’ жамғармасига йўналтирилди», дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджети маблағларининг ишлатилиши ҳамда давлат ҳаридлари тўғрисидаги талабларни етарли назорат қилмагани учун вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Каримовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Бухоро вилоятида фоҳиша аёл 40 эркакка ОИТС юқтирди. Маълум бўлишича, аёл 2017 йилда ОИТС касаллигига чалинган. Диспансер назоратига олиниб, касалликни бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, касал ҳолида бегона эркаклар билан жинсий алоқада бўлиб келган.

Кадр: YouTube

Ўрганишлар натижасига кўра, аёл 40 га яқин эркакка ОИВ инфекциясини юқтиргани аниқланган. Эркакларнинг аксарияти оилали бўлиб, касаллик уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам ўтган.

Бухоро вилояти ИИБ тергов бўлими терговчисининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш)нинг 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Якунда жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган. Ҳукмга кўра, судланувчига нисбатан 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонда 2022 йил январь ойи учун пенсия ва нафақаларни тўлаш 5–6 январь санасидан бошланади. Маълум бўлишича, бунга 2021 йилнинг 31 декабрь ва 2022 йилнинг 1–4 январь кунлари республикада барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилингани сабаб бўлган.

Шу муносабат билан халқ ўртасида тушунмовчилик юзага келишининг олдини олиш ҳамда пенсия ва нафақа олувчиларнинг оворагарчилигига йўл қўймаслик мақсадида жамғарма ва Халқ банки юқоридаги эълонни берган.

Фото: «Bugun.uz»

«Январь ойи учун пенсия ва нафақалар нақд пул шаклида тарқатилиши ҳамда банк карталарига юкланиши 5–6 январь санасидан бошлаб белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади», дейилади хабарда.

Сурхондарёдан ўрта палеолит даврига оид ёдгорлик топилди. Сурхондарё вилояти Шеробод туманида археологик дала тадқиқотлари олиб борилиши натижасида ўрта палеолит даврига оид ёдгорлик топилди.

Маълум қилинишича, Кўҳитангтоғ тизмаси ҳудудида дала тадқиқотлари ўтказилган. Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинган. Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1х2 метр ҳажмида шурф қазилган. Қазув ишлари ер сатҳидан 0,5 метр чуқурликда қоятош ётқизиқларида тўхтатилган. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат экани аниқланган. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилган.

Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешиктош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги билан аҳамиятли ҳисобланади. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешиктош ёдгорлиги анъаналарини такрорлайди.

Ҳозирда Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Aфғонистон пойтахти Кобулда 29 декабрь куни ўнлаб аёллар AҚШнинг мамлакатдаги давлат захираларини музлатиб қўйишига қарши намойиш ўтказди. Бу ҳақда Aфғонистоннинг «TOLOnews» телеканали хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Унда айтилишича, намойишчиларнинг плакатларида Қўшма Штатлар президенти Жо Байденга музлатилган маблағларни чиқаришга оид чақириқлар бор. Улардан бирида «Фарзандларимиз оч қолмоқда, пулимизни қайтариб беринг», деб ёзилган. Намойишчилар вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун AҚШни Aфғонистон банклари активларини озод қилишга чақирган.

Улар, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни AҚШ томонидан банк активларини озод қилиш учун намойиш ўтказишга тарғиб қилган. «Aфғонистоннинг музлатилган пуллари озод қилиниши керак. У афғон халқига тегишли, ҳозирги ҳукуматга эмас. Фарзандларимиз биздан овқат талаб қилади, ижара ҳақини тўлашга пулимиз йўқ. Ишга қайтишимиз керак», — дейди фуқаролик жамияти фаоли Насима Aмирий.

«AҚШ Aфғонистоннинг музлатилган пулларини бериши керак, токи Aфғонистон халқи қишда иқтисодий муаммоларни енгиб ўтсин», — дейди намойишчи Маҳназ Ходимий. Намойишчилар Ислом Aмирлиги ва халқаро ҳамжамиятни ўз эҳтиёжларини қондиришга чақирувчи бир қанча талабларни овоз чиқариб ўқиб эшиттирган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.