Мана, 2021 йилга якун ясаб берадиган декабрь ойи ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Bugun Science рукни анъанага кўра, ушбу ойнинг илмий манзарасини таҳлил қилади. Зеро, декабрь ойи илм-фан учун муҳим бўлган ажойиб ҳодисаларга бой бўлди.

Биз мамонтларнинг қирилиб кетганига жуда кўп бўлган деган қарашни сингдириб олганмиз.

Фото: «Wikipedia»

Тасаввурлар шундайки, одамзод билан мамонт фақатгина ибтидоий жамоа тузуми даврида тўқнаш келган, ундан кейинги — маданият гуллаб-яшнаган даврларда мамонтлар аллақачон йўқ бўлиб кетган, деб қаралар эди. Хулласини айтганда, хусусан, Евроосиё материгида мамонтлар бундан 10 минг йил муқаддам қирилиб битган деган қараш мавжуд. Бироқ Алберта Макмастер университети (Канада), АҚШнинг табиат тарихи музейи ҳамда Англиянинг Саутгемптон университети олимлари ҳамкорликда ўтказган янги тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Мисрда илк подшолик даври ҳукм сурган пайтларда ҳам яъни бундан 5000 йил аввал ҳам Америка қитъасида мамонтлар яшаган экан.

Олимлар Канаданинг Клондайк ҳудудидаги абадий музликлардан топилган ДНК намуналарининг таҳлили орқали шундай хулосага келган. Тадқиқотнинг қизиқ хулосаларидан яна бири шуки, Шимолий Америкада мамонтларнинг қирилиб кетишига уларнинг одамлар томонидан беаёв овланиши ёки кескин иқлим ўзгариши сабаб бўлмаган экан. Чунки ушбу ўзгаришлар бундан 14 –11 минг йиллар муқаддам содир бўлган деб ҳисобланади. Тадқиқот эса атиги 5 минг йил муқаддам ҳам Америкада ҳали мамонтлар яшаганини кўрсатиб турибди. Бу ҳақидаги муфассал мақола «Nature Communications» журналида 9 декабрда эълон қилинган. Шимолий Америка мамонтлари, демак, иқлим ўзгаришларидан кейин ҳам яшаб қолган бўлса, унда уларнинг қирилиб кетишига нима сабаб бўлган экан? Ушбу қизиқ саволнинг жавобини олимлар, балки, кейинги изланишлардан сўнг маълум қилса керак.

Декабрнинг яна бир эътиборга молик илмий янгилиги сейсмология соҳасида қайд этилди. Ушбу ойда олимлар зилзиланинг янги тури аниқланганини маълум қилган.

Фото: «Kursiv.kz»

Бохум (Германия) Рур университети ҳамда Канададаги Макгил Виктория университети олимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқот хулосалари бошқа зилзилалардан кўра секинроқ, лекин узоқроқ давом этадиган янгича зилзила турини аниқлаганини баён қилади. Бундай суст зилзилаларни эса бошқалари сингари кучли магнитудали ерости силкинишлари эмас, балки нефть қазиб олиш жараёнида қўлланадиган гидравлик бўлаклаш усули юзага келтирар экан. Айтиш жоизки, олимлар авваллари ҳам бу турдаги зилзилалар содир бўлишини тахмин қилар эди.

Фақат бундай зилзилалар жуда суст режимда юз бериши ва жараёнда сейсмик энергия ажралиб чиқмаслиги сабабли, уни қайд этишнинг имкони бўлмаган. Олимлар бу турдаги зилзилани асейсмик зилзила деб номлайди ва ҳозиргача бу турдаги зилзила фақат математик моделлар орқали ўрганилган. Янги тадқиқотда эса олимлар қазилма конга босим остида суюқлик ҳайдайдиган станция атрофига ўрнатилган саккизта сейсмик станциядаги маълумотларни таҳлил қилган. Ушбу сейсмик станцияларда ўрганиш жараёнида жами 350 та зилзила қайд қилинган бўлиб, шундан 10 фоиз ер қимирлашида гибрид-тўлқин шаклида тарқалувчи суст зилзила содир бўлган. Бунинг сабаби эса ер қаърига босим остида ҳайдалаётган суюқликнинг чуқурликлардаги жинсларда ёриқлар юзага келтириши билан боғлиқ бўлиб, ушбу жинсларнинг кўчиши эса кейинчалик кондан анча олис масофаларда ҳам суст зилзилаларга сабаб бўла олар экан. Тадқиқот ҳақидаги муфассал мақола «Nature» журналида эълон қилинган.

Декабрнинг энг йирик илмий воқеалари эса астрономия соҳасида содир бўлди. Аввалига, Қуёшни ўрганиш учун учирилган Паркер Солар Пробе автомат космик станция тарихда илк бор Қуёшга етиб боргани маълум қилинган бўлса, 25 декабрь санасида инсоният тарихидаги энг қиммат илмий ускуна – Жеймс Уэбб космик телескопи коинотга чиқарилди.

Фото: «NASA»

Аввалига «Паркер» зондининг Қуёш тожи ичкарисига кириб чиққани ҳақида NASA мутахассислари катта ҳаяжон билан баёнот берди. Чунки бу ҳақиқатан ҳам тарихий ҳодиса бўлиб, одамзод қўли билан ясалган аппарат 2 миллион даражагача қайноқ ҳароратга эга бўлган юлдуз ичкарисига кириб чиққани, шубҳасиз, тугаб бораётган йилнинг энг катта илмий ҳодисаларидан бир бўлди. Албатта, «Паркер» Қуёш тожига декабрда эмас, балки апрель ойида кириб чиққан экан. Бироқ зонд юборган жуда катта ҳажмли маълумотлар таҳлили кўп вақт олган ва шу сабабли ҳам олимлар мазкур тарихий ҳодиса ҳақида фақатгина декабрга келиб «Physical Review Letters» журналида мақола эълон қилган. Мақолада айтилишида, «Паркер», шунингдек, август ойидаги яқинлашувда ҳам Қуёш ичкарисига кирган бўлиши керак. Лекин бу ҳақда яна ўша катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилинганидан кейингина аниқ хулоса берилади.

25 декабрь куни коинотга чиқарилган Жеймс Уэбб телескопи эса барча ахборот манбаларида «инсоният тарихидаги энг қиммат илмий ускуна» деб таърифланди.

Фото: «Bugun.uz» / Рустам Ашуров

Албатта, жуда кўпчилик унинг нархи ҳақиқатан ҳам космик рақамни ташкил этишига эътибор қаратган. Унинг бюджети турли манбаларда 10 миллиард доллардан 11 миллиард долларгача деб айтилмоқда. Бу, масалан, Катта Адрон Коллайдерининг қурилиш бюджетидан икки карра кўпроқдир. Лойиҳанинг тасдиқланишидан бошлаб унинг амалга оширилишигача деярли 25 йил вақт ўтди. Ғояга кўра, Жеймс Уэбб телескопи Лагранж Л2 нуқтасида, яъни Ердан деярли тахминан 1,5 миллион километр масофада кузатув олиб боради. У бизга 31 йилдан буён хизмат қилиб келаётган ва тобора эскириб, ўз хизмат муддатини якунлаб бораётган бошқа бир «фахрий» космик телескоп – Хаббл телескопининг ўрнини босиши керак.

Жеймс Уэбб телескопида жуда илғор ва доҳиёна илмий ечимлар қўлланган ва у бошқа телескоплардан кўра кенгроқ электромагнит нурланишлар диапазонида кузатув олиб бориш имконини беради. Хусусан, Жеймс Уэбб орқали бизга эндиликда Улкан портлаш ҳодисасидан кейинги бир неча миллион йил ичида шаклланган дастлабки юлдузларни ҳам кўришга, демак, том маънида «мозийга қайтиб» иш қилишга имкон беради. Жеймс Уэбб телескопининг учирилиши ҳақида «Bugun.uz» каттагина мақола ҳам эълон қилган ва ушбу мақола билан, албатта, танишиб чиқишингизни тавсия қиламиз. Жеймс Уэбб эса биз учун коинотнинг янги сарҳадларини очишга шайланмоқда.

Демак, яқин йилларда илм-фан дунёси янада оламшумул, балки инқилобий янгиликлар билан бойиши шубҳасиз. Ҳаттоки биз аллақачон ҳақиқат сифатида қабул қилган қарашларимизни ағдар-тўнтар қилиб юборувчи нарсалар ҳам очилса, ҳайрон бўлмаслик керак. Чунки бу телескоп қуролланган асбоб-ускуналар ҳақиқатан ҳам коинотнинг шу пайтгача биздан пана бўлган сирларини очишга имкон беради.

Музаффар Қосимов тайёрлади