Бухоро вилоятида фоҳиша аёл 40 эркакка ОИТС юқтирди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум бўлишича, аёл 2017 йилда ОИТС касаллигига чалинган. Диспансер назоратига олиниб, касалликни бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, касал ҳолида бегона эркаклар билан жинсий алоқада бўлиб келган.

Ўрганишлар натижасига кўра, аёл 40 га яқин эркакка ОИВ инфекциясини юқтиргани аниқланган. Эркакларнинг аксарияти оилали бўлиб, касаллик уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам ўтган.

«Март-апрель ойларида дўстларим билан кафеда овқатланиб ўтирганимизда ёнимиздаги столда ўтирган 2 қиз билан танишиб қолдик. Улар билан бориб, яқин алоқада бўлиб, шундан сўнг улар билан бир неча маротаба телефонлашиб, дўстларим билан бориб, яқин алоқада бўлганимиздан кейин мен у қизларнинг касалликка чалинганини эшитиб қолиб, тиббий кўрикдан ўтганимда ўзимга ушбу касалликни юқтириб олганимни билиб қолдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор, ҳомила — 6 ойлик.

Менинг ҳам, аёлимнинг ҳам, туғилажак фарзандимнинг ҳам ҳаёти хавф остида. Қилган ишимдан пушаймонман. Сизларни огоҳлантирмоқчиман: кўчадаги ҳар хил аёллар билан жинсий алоқада бўлманг. Бу ёмон оқибатларга олиб келади», — дейди аёл билан алоқа қилган эркаклардан бири.

Бухоро вилояти ИИБ тергов бўлими терговчисининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш)нинг 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Якунда жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган. Ҳукмга кўра, судланувчига нисбатан 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг қайси вилоятида ОИТСга чалинган болалар кўплиги маълум қилинганди.