«Gallup International» (Швейцария) мустақил тадқиқот агентликлари халқаро ассоциацияси ва «Romir»(Россия) тадқиқот холдинги «Йил якуни» глобал сўрови доирасида аҳолининг бахтиёрлик кўрсаткичи юқори ва паст бўлган давлатларни маълум қилди.

Фото: «welcomeallsmile»

Келтирилишича, буни аниқлаш учун 44 давлатдан 41 мингдан ортиқ кишида сўровнома ўтказилган. Тадқиқотда аҳолининг 13 фоизи ўз ҳаётидан жуда мамнунлиги, 43 фоизи тўлиқ қониқиши, 13 фоизи турли даражада ўз ҳаётидан норози экани маълум бўлган. Бахт индексининг максимал қиймати Колумбия (+79 фоиз), Қозоғистон (+76), Албания (+74), Малайзия (+73) ва Озарбайжонда (+70) қайд этилган.

Бахт индексининг энг паст кўрсаткичи эса Гана (+2), Афғонистон (+9), Гонконг (+11), Ироқ (+17), Россияга (+18) тўғри келган. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, анъанавий тарзда Лотин Америкаси, Африка ва Шарқий Осиё аҳолиси энг бахтли ҳудудлар ҳисобланади. Европа, Яқин Шарқ ва Россия ҳамиша бахтиёрлик даражаси паст гуруҳга кирган. АҚШ, Буюк Британия ва Германия каби етакчи давлатларда бахтлилик даражаси ўртачадан бироз пастроқ натижани кўрсатган.

Фото: «Romir»

Маълумот учун, «Gallup International»нинг «Йил якуни» сўрови 1977 йилда доктор Жорж Галлуп раислигида бошланган ва ишлаб чиқилган йиллик сўровнома ҳисобланади. Шундан бери сўров ҳар йили ўтказилиб келинади. 2021 йилда ўтказилган сўровда дунёнинг 44 давлатидан 41 минг 560 киши иштирок этган. Ҳар бир мамлакатда камида минг нафар эркак ва аёлдан иборат вакиллик намунаси 2021 йил октябрь–декабрь ойларида юзма-юз, телефон орқали ёки онлайн сўровномада қатнашган.

Аввалроқ дунёнинг энг яхши давлатлари рейтинги ва энг қиммат автотураргоҳларга эга шаҳарлар рўйхати эълон қилинганди.