Октябрь ойида Россия қўшинларининг Украина билан чегарага тўпланаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаган эди. Зеленский ўз мамлакати чегаралари яқинида 100 мингга яқин рус қўшинлари жойлашганини айтган бўлса, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд эса Россия 2022 йил бошида Украинага бостириб кириши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Россия Федерациясига бундай сценарий юзага келган тақдирда энг қаттиқ санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди. Охирги бир ой ичида АҚШ ҳам Россия ўзининг Украина билан чегарасига қўшинларини тўплаётгани ҳақида бир неча бор гапирган, расмий Москва эса бу баёнотларни рад этиб келмоқда. Ҳозирда чегарадаги вазият қандай? Бизни яна нималар кутмоқда? Шу каби саволларга «Bugun.uz» колумнисти Шаҳбоз Ҳасанов жавоб беради.

2 декабрь куни NATO’га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россияни Украина билан чегарадан қўшинларини олиб кетишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, агар Россия томонидан агрессия содир бўлса, Вашингтон Москвага нисбатан ҳалигача қўлланмаган оғир санкцияларни жорий қилади.

«Путин Украина ҳудудига қўшин киритишга қарор қилган ёки йўқлиги бизга қоронғи. Шуниси аниқки, агар у хоҳласа, қисқа вақт ичида буни амалга ошириш учун потенциал ярата олади», — дея қўшимча қилди Давлат котиби.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров агар Россияга қарши янги иқтисодий санкциялар жорий этилса, мамлакат бунга жавоб беришини таъкидлади. Москва Украинага кириши ҳақидаги маълумотларни доимо рад этади ва ўз навбатида NATO’ни Киевни қуроллантиришда ва Россия чегаралари яқинида машғулотлар ўтказишда айблайди.

Фото: «EA Daily»

Томонлар баҳона кутмоқда

Россия ТИВ Киев Донбассга Украина Қуролли кучлари шахсий таркибининг ярмини юборган деб ҳисоблайди. Москва NATO’га аъзо давлатлар ҳарбий техникасининг Россия чегараларига ўтказилиши ва Донбассда ғарб инструкторлари сонининг кўпайишидан хавотир билдирган. 24 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Киевнинг «Донбасс муаммоси»ни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга тайёрланаётгани ҳақида баёнот бериб, Украинада хорижий ҳарбийлар сони ортиб бораётганига ишора қилди. Москва бу позицияни бир қатор далиллар билан оқлайди.

Биринчидан, Мария Захарова Украина бош вазири Денис Шмигалнинг 2022 йилда мамлакат ҳарбий бюджетини деярли 12 миллиард долларга ошириш ҳақидаги баёнотига эътибор қаратди. «Украинанинг ҳарбий бюджети 20 фоизга ошди. Яна қанақа тинчлик ҳақида гап бўлиши мумкин?» — дея ғазабини яширмади Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Бир кун олдин худди шундай хавотирларни Россия президенти Владимир Путин ҳам билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Украина Донбассда «ҳарбий операция тайёрлаяпти» деган таассурот пайдо бўлмоқда. «Бизга айтишмоқчики: уруш, уруш ва яна уруш. Балки улар учинчи ҳарбий операцияга тайёрланаётгандир? Бизни эса олдиндан огоҳлантиришмоқчи: ‘Бу одамларга аралашманг, ҳимоя қилманг. Аралашдингизми, ҳимоя қилган бўласиз ва бу сизга янги санкцияларни олиб келади’. Улар, эҳтимол, шунга тайёрланмоқдалар», — дея қўшимча қилади Россия президенти. Аввалги икки ҳарбий амалиёт деганда, Путин Донбассдаги ҳарбий амалиётларни назарда тутаётгани аниқ.

Киевда эса доимгидек «Россиянинг бостириб кириш» таҳдиди ҳақида гапирилмоқда. Сўнгги сўровлар натижаларига кўра, нафақат Украина расмийлари, балки бу мамлакат фуқароларининг деярли ярми ҳам бунга аллақачон ишонади. Киев Донбассда операция тайёрлаяпти деган гапларни изоҳлар экан, депутат Гончаренко шундай деди: «Буларнинг барчаси бемаънилик. Украина ҳеч нарса тайёрламаяпти». У Россия Федерацияси бу риторика билан «ўзининг тажовузкор ҳаракатлари ва баёнотларини» оқлашга уринаётганига ишонч билдирди.

Украина эҳтимолий «Россия агрессияси» ҳақида маълумот беришда Берлинга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай қилиб, Украинанинг Германиядаги элчиси, кўплаб даъволари ва талаблари билан танилган Андрей Мельник аллақачон Россияга қарши янги санкциялар пакетини сўраб, Германияга мурожаат қилган.

«Россиянинг Украинага навбатдаги ҳарбий ҳужуми хавфи ҳеч қачон ҳозиргидан юқори бўлмаган. Гап Украинанинг мустақил давлат сифатида сақланиб қолиши ҳақида бормоқда. Чунки Путин бизни мавжуд бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. У Украина давлатчилигини йўқ қилишга интилмоқда» — деб ҳисоблайди Мельник.

Мустақил DW нашри эса Россия Украина чегарасида ўз қўшинлари сонини яна ошираётганини айтиб, бунга факт сифатида қуйидаги суратни келтирмоқда:

Ельня яқинидаги рус қўшинлари, 2021 йил ноябрь. Сунъий йўлдош тасвири
Фото: «AFP»

Экспертлар ҳар хил фикрда

Берлин Фан ва сиёсат жамғармаси(SWP)нинг ҳарбий эксперти Вольфганг Рихтер вазиятни шарҳлар экан, Россиянинг Украина яқинидаги доимий қўшинлари ва қўшимча бўлинмалар ўртасида фарқни ажратиш кераклигини таъкидлади. Унинг эслатишича, рус қўшинлари у ерда 2015 йилдан бери доимий бўлиб келган. Унга кўра, гап учта дивизия, хусусан, Ельня ва Брянск вилоятида жойлашган 144-мотоўқчилар дивизияси ҳақида кетмоқда.

Андрей Кортунов, сиёсатшунос, Россия халқаро ишлар кенгаши бош директори: «Менимча, Россия раҳбарияти, хусусан, Путин ўзини қандай тутиши ҳақида билганимиз шуки, агар у ҳарбий операция ўтказмоқчи бўлса, уни яширин шаклда ўтказган бўларди, деган хулосага келишимиз мумкин. Бу ҳақда эса кейин билиб олган бўлардик. 2014 йилда Қримда бўлгани каби. Ўша пайтдаги «кўнгиллилар» ҳамма нарсани амалда бажаришди».

Қўшма Штатлар ҳарбий-денгиз таҳлили марказининг Россия дастури бўйича директори Кофманнинг айтишича, воқеалар ривожи 2008 йилги Россия–Грузия урушининг эҳтимолий сценарийси бўлиши мумкин. У воқеаларнинг бундай ривожланишини қуйидагича тавсифлайди:

«Янги сиёсий келишувни жорий этиш баҳонасида, Украинанинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш бўйича ‘интенсив операция’. Ҳаммаси улар кенг кўламли ҳарбий операцияга жиддий тайёргарлик кўраётганидан далолат беради», — деб қўшимча қилади эксперт.

Москвадаги Карнеги маркази директори Дмитрий Тренинга кўра, Москва эндиликда насиҳатлардан аниқ огоҳлантиришларга ўтмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2021 йил баҳоридан бошлаб Россия украиналиклар ва уларнинг ғарбдаги иттифоқчиларини тийиб туриш учун ҳарбий намойишкораликка ўтган. «Россия раҳбари таҳдидни кун тартибидан олиб ташламайди, унинг учун бу энг муҳим музокара воситаси», — дея ишонади эксперт.

Фото: «Reuters»

Ҳозирча АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияга қарши янги санкциялар жорий этиши эҳтимолдан йироқ. Чунки ҳар бир мустақил давлат ўз ҳудудида ҳарбий кучларини ҳаракатлантириши тақиқланмаган. Россия ўз чегараларидан ташқарида ҳеч қандай манёвр қилмас экан, санкциялар кутилмайди. Ғарб матбуоти ва сиёсатчиларининг ваҳима қўзғатувчи баёнотларига қарамай, Россиянинг Украина билан урушга кириши ҳақида ҳеч қандай аниқ далиллар йўқ. Агар Москва бугун Украинага ҳужум қилса, у олганидан кўра кўпроқ нарса йўқотади, шунинг учун ҳозирги воқеликда босқин бўлиши эҳтимолдан йироқ.