Фарғона водийси вилоятларида қарийб 16 соатдан бери ўта қалин давомли туман ҳодисалари кузатилмоқда.

Фото: NASA

Наманган метеорологик станция маълумотига кўра, кўринувчанлик Наманган халқаро аэропорти аэродромида ярим суткадан кўп вақт давомида 50 метрдан паст туманни ташкил этган.

NASA сунъий йўлдошидан олинган тасвирларда ҳам Фарғона вилояти шимоли, Андижон вилояти ярми ва Наманган вилояти аксар ҳудудларида кун давомида қалин туман тушганини кўриш мумкин.

Бундай жойларда ҳаво ҳарорати кун давомида ноль даражадан паст бўлган. Баъзи ҳудудларда дарахт шохлари, симёғоч ва ўт-ўлан устида булдуруқ ҳодисаси кузатилмоқда.

Маълумот учун, булдуруқ  — атмосфера ёғинларининг бир хили. Аёзли совуқ кунларда ёки туман пайтларида нам ҳаво зарраларининг музлаши натижасида ҳосил бўлади. Булдуруқ юмшоқ муз кристали ёки доначалари шаклида ёғади. Изғирин пайтларида дарахт шохлари ва симларда ҳам пайдо бўлади.

Аввалроқ самолётлар Наманган ва Андижон аэропортларида кўриш имконияти ёмон бўлгани учун қўна олмагани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, кучли туман туфайли кўриш масофаси 50 метрга яқин бўлган.