Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари 7,5 йилга қамалди
Акрам Раҳмонқулов 20 млрд сўм бюджет маблағини талон-торож қилганди
Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқуловга 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилгани учун жиноят иши қўзғатилган эди. Олий суднинг маълум қилишича, у 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Хабарга кўра, Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси С.Аширматов раислигида кўриб чиқилган жиноят иши натижасида суд қуйидагича ҳукм қилган:
Акрам Раҳмонқулов Жиноят кодексининг
- 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
- 184-моддаси 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш);
- 189-моддаси 1-қисми (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);
- 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
- 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш);
- 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (Мансаб сохтакорлиги);
- 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида, яъни 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан Акбар Раҳмонқулов (Ж-Қурувчи МЧЖ директори), Алишер Раҳмонқулов (Ravon Yo’l Invest МЧЖ, Согдиана пипепласт МЧЖ ва Жиззах савдо люкс МЧЖлар директори), Аброр Раҳмонқулов (Zenatkor Sayhan Kon Sanoat МЧЖ директори), Адҳам Раҳмонқулов (Зенаткор темир бетон буюмлари МЧЖ директори) ва яна 20 дан ортиқ шахсларга турли жазолар тайинланган.
Маълумот учун, Раҳмонқулов миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда қурилиш соҳасига масъул вилоят ташкилотлари раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган. Хусусан, у 2018–2020 йилларда жами 494 миллиард сўмлик 82 та объект қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 миллиард сўмлик бюджет маблағини талон-торож қилган.