Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) охирги ҳафтада дунёда 4,9 миллиондан ортиқ одам ковид билан касалланганини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, бу кўрсаткич аввалги етти кунга нисбатан 11 фоизга кўпни ташкил этади. Дунёда ўтган ҳафтада 44,6 мингдан ортиқ одам коронавирусдан вафот этган. Мутахассисларнинг фикрича, ҳалок бўлганлар сони 4 фоизга камайган. ЖССТ қайд этишича, Америкада касалланиш 39 фоизга, Африкада 7 фоизга ва Европада 3 фоизга ошган.

Шу билан бирга, хасталикка чалиниш Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Ўрта Ер денгизида камайган. Ўлим даражаси Африкада 72 фоизга, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё ва Америкада мос равишда 9 ва 7 фоизга ўсган. Бошқа ҳудудларда ўлим даражаси паст.

Қўшма Штатларда ҳафтада энг кўп инфекция қайд этилган (1 185 653), ундан кейинги ўринни Буюк Британия (611 864), Франция (504 642), Италия (257 579) ва Германия (197 845) эгаллаган.

ЖССТ маълумотларига кўра, 28-декабр ҳолатига кўра, пандемия бошланганидан бери дунёда 280 119 931 та коронавирус инфекцияси қайд этилган, 5 403 662 киши касаллик қурбонига айланган.

Аввалроқ дунёда 2022 йилда ковид билан боғлиқ вазият қандай бўлиши маълум қилинганди. Шунингдек, ковиддан тузалганидан кейин ҳам унинг оқибатида ўлиши мумкин бўлган одамлар гуруҳи хабар берилган.