Америкалик шифокорлар коронавирус эмланган ОИВ ташувчиларига ва артрит билан касалланганларга 20–33 фоизга тезроқ юқишини аниқлади. Уларнинг тадқиқоти «JAMA Internal Medicine» журналида чоп этилди.

Фото: «Los Angeles Times»

Маълум қилинишича, мутахассислар эмланган иммунитети пасайган беморлар ҳам ковид билан касалланишини кузатган. Шунингдек, улар кимнинг танасида вируснинг янги штами пайдо бўлиши мумкинлигини аниқлаган.

Таъкидланишича, тадқиқотчилар иммунитет функцияси бузилган беморларда инфекциянинг ривожланиш хавфи бошқа беморларга қараганда 20–33 фоизга юқори эканини айтиб, бу қўшимча ҳимоя зарурлигини кўрсатишини қайд этган. Буни аниқлаш учун улар иммунитети заиф ва сурункали касаллиги бўлган ҳамда узоқ вақт давомида коронавирусга чалинган беморларни клиник кузатган.

Маълум бўлишича, бундай беморларда вируснинг организмда узоқ вақт сақланиши унинг геномидаги мутацияларнинг тезлаштирилган тўпланишига олиб келади. Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, бундай одамлар янги хавфли штамларнинг манбаларига айланиши мумкин.

Аввалроқ коронавируснинг организмда қанча вақт сақланиб қолиши мумкинлиги аниқланганди. Шунингдек, олимлар «омикрон» инсон организмининг қайси қисмида кўпайишини маълум қилганди.