Коронавирусга чалинганларда терининг кўкариши аломати кузатилади ва бу касалликнинг оғир босқичдалигидан далолат беради. Бу ҳақда Ломоносов номидаги Москва давлат университети етакчи илмий ходими, вирусолог, молекуляр биолог Максим Скулачевга таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Latimes»

Вирусологнинг сўзларига кўра, қоннинг кислород билан таъминланиши, ўпка фаолиятининг бузилиши ва уларнинг шишиши коронавируснинг кенг тарқалган аломати ҳисобланади. Ушбу ҳодиса касалликнинг оғир ҳолатларида кузатилади. Мутахассиснинг аниқлик киритишича, сиянозни (терининг кўкимтир тус олиши) пульсоксиметр ёрдамида аниқлаш мумкин.

«Кислородланиш маълум даражадан пастга тушганда шошилинч тез ёрдам чақиринг ва буни сияноз ҳолатигача олиб борманг. Бундай ҳолатда одам дарҳол касалхонага ётқизилиши керак. Беморни кислород, механик вентиляция ва дори-дармонлар билан қутқариш мумкин», — дея таъкидлаган вирусолог.

Ўз навбатида, ковид билан касалланган беморлар терисининг кўкаришини иммунолог, Россия тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючков ҳам тасдиқлаган. Унинг таъкидлашича, коронавирус билан оғриган беморларда ранг оқариши ёки юзининг кўк рангга ўзгариши кузатилади. Камдан-кам ҳолларда сияноз бутун танага тарқалади.

Аввалроқ коронавирус кўпроқ сурункали касаллиги бор инсонларда мутацияга учраётгани айтилганди. Шунингдек, «омикрон» штамининг фарқланадиган аломати аниқланганди.