Миср фиръавни Аменхотеп I’нинг мумиёланган жасади биринчи марта замонавий сканерлаш технологияси ёрдамида текширилди. Тадқиқот натижалари «Frontiers in medicine» журналида чоп этилди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, тадқиқот натижасида олимлар ниқоб ва бинтларни «олиб ташлаш»га ва фиръавнинг ташқи кўринишини ўрганишга муваффақ бўлган. Қоҳира университети тиббиёт факультетининг радиология профессори ва Миср мумияси лойиҳасининг радиологи Саҳар Салимнинг айтишича, Аменхотеп I тахминан 35 ёшида вафот этган. Унинг бўйи 169 сантиметрни ташкил қилган. Тадиқоқтда фиръавн соғлом тишга эга бўлгани қайд этилган.

«Аменхотеп I ташқи кўринишидан отасига ўхшарди: унинг тор ияги, кичкина ингичка бурни, жингалак сочлари ва бироз олдинга чиқадиган юқори тишлари бор эди», — дейди доктор Саҳар Салим.

Таъкидланишича, олимлар фиръавнда ҳаёти давомида касалликка сабаб бўлиши мумкин бўлган жароҳатларни аниқламаган. Кафан остида олимлар 30 та тумор ва безакларни, шу жумладан, мунчоқлар билан тикилган металл, эҳтимол, олтин камарни ҳам топган.

Фото: «Frontiers in medicine»

Аменхотеп I милоддан аввалги 1525 йилдан 1504 йилгача ҳукмронлик қилган. Унинг мумияси 1881 йилда Миср жанубидаги Дайр ал-Бахоридаги археологик жойдан топилган. У отаси Яҳмос I’дан кейин Миср 18-сулоласининг иккинчи фиръавни бўлган.

Фото: «Frontiers in medicine»
Фото: «Frontiers in medicine»

Аввалроқ Мисрда тили олтиндан бўлган аёл ва эркак мумиёлар аниқланганди. Шунингдек, Перуда археологлар 800 йиллик мумиёни топганди.