Ўзбекистонда 29 декабрь куни эрталаб самолётлар Наманган ва Андижон аэропортларида кўриш имконияти ёмон бўлгани учун қўна олмади. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» хабар берди.

Фото: «Uzbekistan Airports»

Маълум қилинишича, кучли туман туфайли кўриш масофаси 50 метрга яқин бўлгани учун «Урал» авиакомпаниясининг Қозондан парвоз қилаётган «SVR2161» рейси соат 08:48 да Наманганга қўна олмаган ва Тошкентдаги муқобил аэродромга учган. Яна бир «HY9620» рейси ҳам об-ҳаво шароити туфайли Наманганга қўна олмай, Фарғонадаги қўшимча аэродромга йўналишини ўзгартирган.

Андижон аэропортида ҳам худди шундай ҳолат юз берган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Москвадан учаётган «HY-622/6» рейси соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Фарғонадаги аэродромга жўнатилган.

Метеорология хизмати прогнозларига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00 гача ёпилади. Режалаштирилган барча рейслар эса энг яқин муқобил аэродромларга йўналтирилади.

Аввалроқ Тошкентдан учган самолёт Андижон аэропортига қўна олмаганди. Шунингдек, Тошкент–Андижон йўналишидаги авиақатнов ноқулай об-ҳаво сабаб Фарғонагача амалга оширилганди.