Янгиликлар - 11:54 · 29.12.2021

Ўзбекистонда бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божи камайтирилди

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистонда бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божи камайтирилди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги 774-сонли қарори қабул қилинган.

Ушбу ҳужжат билан ҳукуматнинг қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

Биринчидан, Ўзбекистонда солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида низомнинг 5-банди янги таҳрирда белгиланган бўлиб, унга мувофиқ жисмоний шахсни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали амалга оширилади.

Иккинчидан, Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

  • лицензия талабгорининг аризасини кўриб чиқиш муддати қисқартирилди. Илгари бу муддат 20 кун бўлган бўлса, ҳозир эса 10 иш кунини ташкил қилади;
  • адлия органи томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш ва дубликат бериш муддати қисқартирилди. Аввалги таҳрирда бу муддат 3 кунни ташкил этган бўлса, янги таҳрирда 2 иш куни белгиланган;
  • ҳар хил йиғимлар бекор қилинди. Янги таҳрирда лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг адлия органи томонидан кўриб чиқилиши, шунингдек, лицензиянинг дубликати берилгани учун йиғимлар назарда тутилмаган.

Учинчидан, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, низомнинг 48-банди ариза берувчилар қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида давлат божи тўламаган ҳолда қайта рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги банд билан тўлдирилди. Шунингдек, рўйхатга олиш гувоҳномасини бериш учун БҲМнинг 10 фоизи ундирилади (илгари 1 фоиз).

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27 декабрдан кучга кирган.