Tошкент шаҳри тиббиёт муассасаларига 29 декабрь куни ташкиллаштирилган пресс-тур давомида Ўзбекистонда ички аъзолар трансплантацияси соҳаси ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Пресс-турда Республика шошилич тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудида қурилган ноёб соҳаларни — кардиохирургия, нейроваскуляр хирургия хамда трансплантология соҳаларини камраб олувчи 75 ўринли 5 қаватли бино билан таништирилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори кардиохирург Дониёр Алимов у ерда амалга ошириладиган трансплантация жарроҳлик амалиёти ҳақида маълумот берди.

«Йилига 3 мингга яқин беъморимиз чет элга бормасдан, шу ерда юқори малакали, юқори самарали амалиёт ўтказиши мумкин. Бу ерда юрак-қон томир касалликлари: юрак инфаркти, юрак ишимик касалликлари билан касалланган беъморларнинг қон томирига стенд қўйиш, очиқ кардиохирургик операциялар, аорта операциялари, бундан ташқари, инсультда яъни бош мия томирларидаги операция, аневризм яъни бош мия томирларидаги ёрилишлар операцияси бажарилади. Бундан ташқари, буйрак ва жигар каби аъзоларни кўчириб ўтказиш каби операция бажарилади.

Бу ерда шошилинч ёрдамга муҳтож беъмор навбатсиз келади. Транспанталогия соҳаси республикамизда ҳали ёш, бу бўйича янги қонунлар қабул қилинмоқда, энди беъморлар Туркия, Ҳиндистонга ўхшаган давлатларга боришига ҳожат бўлмайди. Бизнинг марказимизга (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази), хирургия марказида бу жараёнлар амалга ошириб келинмоқда. Охирги уч йилда марказимизнинг ўзида 300 га яқин буйрак трансплатацияси операцияси бажариб келинмоқда. Бутун дунёда бу операциялар қимматга бажарилади, аммо бизда бу бепул, давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади», — деди шифокор.

Шунингдек эндиликда юрак кўчириб ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш жараёни бошлангани айтиб ўтилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси ташкил этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағ 2 баробарга оширилишини айтганди.