Ўзбекистонда 2022 йил январь ойи учун пенсия ва нафақаларни тўлаш 5–6 январь санасидан бошланади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, бунга 2021 йилнинг 31 декабрь ва 2022 йилнинг 1–4 январь кунлари республикада барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилингани сабаб бўлган.

Шу муносабат билан халқ ўртасида тушунмовчилик юзага келишининг олдини олиш ҳамда пенсия ва нафақа олувчиларнинг оворагарчилигига йўл қўймаслик мақсадида жамғарма ва Халқ банки юқоридаги эълонни берган.

«Январь ойи учун пенсия ва нафақалар нақд пул шаклида тарқатилиши ҳамда банк карталарига юкланиши 5–6 январь санасидан бошлаб белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 7 турдаги нафақа олувчилар сони маълум бўлганди. Шунингдек, мамлакатда оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган ойлик даромад ҳажмини аниқлаш тартиби тушунтирилган.