Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича энг ёш жаҳон чемпионига айланган Нодирбек Абдусатторовни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: FIDE

Маълум қилинишича, МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда Президент ва бутун делегация тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторовнинг иштирокини онлайн кузатиб борган. Ғалабадан сўнг давлат раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига самимий табрикларини йўллаган ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ ўзбекистонлик 17 ёшли шахматчи рапид йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди. Польшанинг Варшава шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик гроссмейстер шахматчи сўнгги турда мезбон Ян-Кшиштоф Дудага қарши ўйин ўтказган ва дуранг натижа қайд этди. Сўнгги турдан кейин тўрт нафар шахматчи бир хил — 9,5 очко тўплаган. Мусобақа низомига кўра, ушбу шахматчилар тай-брэк баҳсларида дона сурган. Унда Абдусатторов россиялик Ян Непомняшийга қарши баҳс олиб борган ва ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Нодирбек чемпионлик билан 60 минг долларга эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўйин пайтида МДҲ норасмий саммитидаги иштирокини якунлаб, Тошкентга қайтаётган эди.