Тарихий алоқалар ва ҳамкорлик Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзоларига пандемиядан бошқа давлатларга қараганда яхшироқ ўтиш имконини беради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин нутқига таяниб, «РИA Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Келтирилишича, МДҲнинг 28 ноябрда бўлиб ўтган норасмий саммитида Путин сўнгги ўн йилликларда кўплаб туб ўзгаришлар бўлганини, бироқ Ҳамдўстликнинг ташкил этилиши ўзини оқлаганини таъкидлаган. Мамлакатлар кўплаб соҳаларда, жумладан, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланганини қайд етган.

«Совет Иттифоқи давридан бери сақланиб қолган алоқалар ижобий роль ўйнайди. Бу бизга пандемиянинг қийин давридан ўтиш имкониятини беради. Лекин биз ўтмишдан мерос бўлиб қолган имкониятлар ва рақобатдош устунликларни сақлаб қолган ҳолда, бу қийинчиликларни дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда яхшироқ енгиб ўтишга муваффақ бўляпмиз», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин ташаббуси билан 28 ноябрь куни Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Саммитда Шавкат Мирзиеёв, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг таклифи билан Россияга жўнаб кетгани хабар қилинганди. Кейинроқ Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг Санкт-Петербург шаҳрига етиб борганини маълум қилган.