Янги йил байрами арафасида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри Мангузар маҳалласида уй-жойга муҳтож фуқаролар учун қурилган янги уйлар ўз эгаларига топширилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам иштирок этиб, хонадон эгаларини янги уй-жойлар билан табриклади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳоким нутқи давомида қурилиш материалларининг деярли барчаси вилоятда ишлаб чиқарилиши, энди қуриладиган янги уйлар халққа маъқул келадиган нархларда бўлиши кераклигини таъкидлаган.

«Президентимиз ташаббуси билан бошланган хайрли иш бугун яна 100 нафар оила, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг қалбида эртанги кунига умид ва ишончини мустаҳкамлади. Бу кун сизлар учун қанчалик қадрли эканини мен юрагимдан ҳис қиламан. Ушбу оилалар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уй-жойлари учун бошланғич тўлов тўлаб берилди.

Энг асосийси, бу уй-жойлар ҳам мустаҳкам, яшаш учун тайёр ҳолда нисбатан арзон нархда сизларга топширилмоқда. Яъни 1 квадрат метр учун 3 миллион 200 минг сўм. Бундан кейин шаҳар ва туманларда шундай уйлар қурилади. Бунинг учун вилоятимизда барча имконият мавжуд. Қурилиш материалларининг деярли барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилади. Қум-тош, цемент, ғишт, бетон плиталар бошқа ҳудудлар каби узоқдан олиб келинмайди. Хўш, нима учун қиммат бўлиши керак?! Энди қуриладиган янги уйлар халқимизга маъқул келадиган нархларда қурилиши керак. Бу асосий талаблардан бири бўлади», — деган Тўра Боболов.

Вилоят раҳбари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уй-жойга муҳтож 100 нафар фуқарога янги уйларнинг калитларини топширди.

Аввалроқ Тўра Боболов ўз ўринбосари ва туман ҳокимларини жазолагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ҳоким Деновдаги портлашда зарар кўрганларга ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.