Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган хорижликлар мамлатга келган кундан бошлаб 90 кун ичида расмга тушиб, дактилоскопия (бармоқ изини рўйхатдан ўтказиш) топшириши шарт. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, мазкур талабни меҳнат мигрантлари 30 кун ичида ёки ишлаш учун ҳужжатларни олгандан кейин амалга ошириши керак. Қонун ҳужжатларига киритилган тегишли ўзгартиришлар 2021 йил 29 декабрдан кучга киради.

«Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда 90 календарь кунидан ортиқ муддатга келган чет эл фуқаролари 90 кун ичида бармоқ изини давлат рўйхатидан ўтказиши мажбурийдир», дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, Россияга ишлаш учун келган хорижликлар учун мамлакатга кирган кундан бошлаб 30 кун ичида патент олиш ёки ишлаш учун рухсатнома олишда бармоқ изи талаб қилинади.

Ҳужжатда, шунингдек, Россиянинг айрим ҳудудларида ички ишлар соҳасидаги ҳудудий органларга бармоқ изларини ўтказишда ёрдам федерал давлат унитар корхоналари томонидан таъминланиши керак. Москвада бармоқ изи олиш ва суратга олиш учун бундай ёрдам «ваколатли ташкилотлар» томонидан тақдим этилиши мумкин (ҳужжатда қайси ташкилотлар аниқ назарда тутилгани аниқланмаган). Бундай ёрдам кўрсатиш тартиби ички ишлар соҳасидаги федерал ижроия органи томонидан белгиланади.

Шу билан бирга, Россияга 90 кундан ортиқ муддатга келган мигрантлар ва хорижликлар ОИВ, гиёҳванд моддалар ва айрим юқумли касалликлар бўйича текширувдан ўтиши шарт. Таъкидланишича, текширув сертификати бир йил давомида амал қилади ва бу муддатдан кейин қайтадан тест топшириш зарур. Россияда 1 январдан бошлаб хориж фуқаролари нафақат ноқонуний меҳнат фаолияти учун жаримага тортилиши, балки мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳам мумкин.

Аввалроқ Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ёрдам пули берилиши рад этилганди ва Россияда мигрантларни назорат қилиш учун жорий этилувчи махсус режим ҳақида маълумот берилган.