Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саммитда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда 2021 йилги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, давлат раҳбари асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди.

МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди. Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор «яшил» тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатлар иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини фаоллаштирди. Мамлакат 40 дан зиёд кўп томонлама битимни имзолади ва ташкилотнинг 23 та органига қўшилди. Ўтган йилда Ўзбекистон илк бор МДҲга раислик қилди. 2021 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши ўттиз фоиздан зиёдга ошди, қарийб мингта қўшма корхона ташкил этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон МДҲ доирасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади ҳамда саммит иштирокчилари ва улар орқали биродар халқларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг таклифи билан Россияга жўнаб кетгани хабар қилинганди. Кейинроқ Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг Санкт-Петербург шаҳрига етиб борганини маълум қилган.