Сирдарё вилояти ҳокимлиги «Roodell» МЧЖдан 21 декабрь куни «Kia Sorento Comfort» русумли автомобиль харид қилган эди. Ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгандан кейин ҳокимлик ва автомобиль етказиб берувчи автосалон ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: «Olx.uz» / Иллюстратив

Таъкидланишича, 477,9 миллион сўм маблағ «Саховат ва кўмак» жамғармасига йўналтирилган.

«Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, тармоқ фаоллари ўз қарашларини баён этди. Кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳокимлик ҳамда автомобиль етказиб берувчи автосалон ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди.

Мазкур маблағ маҳаллий бюджетга тикланган ҳолда вилоятдаги эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилаларни янада қўллаб-қувватлаш учун ‘Саховат ва кўмак’ жамғармасига йўналтирилди», дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджети маблағларини ишлатилиши ҳамда давлат ҳаридлари тўғрисидаги талабларни етарли назорат қилмагани учун вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Каримовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Маълумот ўрнида, ҳукумат қарори билан туман ҳокимлари хизмат машиналари нархи базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр/кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр/кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Аввалроқ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши 22 ноябрь куни 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» автомобилини харид қилганди. Шунингдек, Бойсун тумани ҳокими ҳам 2021 йил ноябрь ойида 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» хизмат автомашинасини харид қилиш учун шартнома тузгани хабар қилинган.