18:49 | 29.12.21 28

«Толибон» Афғонистонда ИШИД ва қаршилик кучлари қолмаганини эълон қилди

Ҳаракат расмийси бу бўйича маълумот берди

«Толибон» ҳаракати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистонда ИШИД террорчилик ташкилоти ва миллий қаршилик фронти кучлари қолмаганини эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, ҳаракат расмийси эндиликда мамлакатга ҳеч ким таҳдид солмаслиги, ИШИД ва қаршилик фронти мамлакатда фақат ОАВ қоғозида мавжудлиги, аслида эса улар Афғонистонда йўқлигини айтган. Мужоҳиднинг сўзларига кўра, ИШИД жангарилари ва кичик Аҳмад Масъуд бошчилигидаги фронт жангчилари «Афғонистон халқи томонидан рад этилган» ва улар мавжуд куч тузилмасини қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ИШИД террорчилик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилганди. Унда ҳаракат вакили Афғонистондаги уруш ҳозирча маъносиз эканини айтган ва буни Афғонистонда ишғол тугагани, ислом бошқаруви ўрнатилгани билан изоҳлаган.

Таъкидланишича, «Толибон» Афғонистонни эгаллаб олганидан сўнг ИШИДнинг 33 нафар «муҳим» аъзоси мамлакатнинг турли ҳудудларида йўқ қилинган. «Толибон» разведкаси матбуот котиби Ҳалил Ҳамроз 10 ноябрь куни Забиҳуллоҳ Мужоҳид билан бўлиб ўтган қўшма йиғилишда бу ҳақда маълумот берган.

«Толибон» разведкаси вакили, шунингдек, ИШИД аъзоларининг аксарияти собиқ ҳукумат томонидан маҳбус сифатида ушланиб, ҳаракатга қарши ўқитилаётганини айтган. Уларнинг сони 1800 га яқинлашгани маълум қилинган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид террорчилик ташкилотига «ИШИД Афғонистонда бегона ҳодиса эмас»лигини айтиб, Афғонистон ичида фаолият юритаётган ушбу гуруҳ аъзолари мамлакат фуқаролари эканини таъкидлаган.

Унинг қўшимча қилишича, ИШИДнинг Афғонистондаги фаолияти «Толибон» назорати остида ва ҳаракат ИШИДнинг Афғонистон орқали дунёга таҳдид солишига йўл қўймайди. «Толибон» вакили

«Афғонистондаги ИШИД аъзолари сони унчалик кўп эмаслиги ва шунинг учун таҳдид ҳисобланмаслигини айтган. Бошқа томондан у «Толибон» Афғонистонда ИШИДни бостиришга жиддий ёндашаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ ИШИД «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонларидан бирини ўлдиргани ва АҚШ томонидан ўқитилган афғон разведка ходимлари ИШИДга қўшилаётгани маълум қилинган.