Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасида март ойида автомобиль йўлининг 500 метр қисмида 40–50 сантиметргача чўкиш ҳолати юзага келгани туфайли ушбу ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган эди. Маълум бўлишича, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органларининг ўрганишлари натижасида мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар аниқланган.

Хусусан, мутасадди ташкилотлар томонидан Юнусобод–Туркистон ерости метро конструкциясининг атрофини ва ён қисмларини тупроқ билан қайта тўлдириш ва зичлаш ишлари сифатли бажарилмагани, техник назорат талаб даражасида олиб борилмагани ҳамда автомобиль йўлини реконструкция қилишда лойиҳалаштириш ишлари нотўғри олиб борилгани сабабли юқоридаги чўкиш ҳолати юзага келиб, давлатга 4,5 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Транспорт прокуратураси томонидан Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Аҳмад Дониш кўчасида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича мутасадди идоралар томонидан тегишли чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.

Аввалроқ Бухородаги «Абдуллахон» мадрасасининг девори қулаб тушгани бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Шунингдек, Андижонда бозор мансабдорлари 360 миллион сўмни талон-торож қилгани аниқланган.