NASA Ерга 29 декабрь ва 6 январь куни астероид яқинлашишини маълум қилди. Бу ҳақда «Esoreiter» хабар берди.

Фото: «Fotolla»

Маълум қилинишича, 29 декабрь куни яқинлашиши айтилган космик жисм AЕ3 деб номланади. У 149 метр узунликда (тахминан Мисрдаги Гиза пирамидасининг ўлчамига тенг) бўлиб, Ерга 4,54 миллион километр масофада яқинлашиши қайд этилган. Мазкур астероид 2021 йил охиригача Ерга яқинлашадиган охирги энг катта астероид бўлади.

Таъкидланишича, иккинчи астероид еса YE15 деб номланиб, у Ердан тахминан 7,4 миллион километр масофани босиб ўтади. Астероидларнинг ҳеч бири ерликлар учун хавф туғдирмайди, чунки NASA YE15’ни ҳам, уларнинг энг каттасини ҳам «потенциал хавфли» деб белгиламаган. Объектлар ушбу тоифага кириш учун астероид узунлиги 150 метрдан ортиқ бўлиши ва Ерга 7,5 миллион километрдан камроқ масофага яқинлашиши керак.

Қайд этилишича, ҳар йили Ерга 16 тоннага яқин метеорит тушишига қарамай, охирги марта катта ҳажмдаги астероид Россиядаги Подкаменная Тунгуска дарёси узра 1908 йилда қулаган. Aстероид ҳудуддан бир неча километр баландликда портлаганда, у 12 мегатонлик кучли портлашни келтириб чиқарган ва бу катта вайронагарчиликка сабаб бўлган. Унинг кучи 300 та атом бомбасининг кучига тенг бўлган.

Аввалроқ NASA Ер атрофидаги жисмлар ҳаракатининг онлайн харитасини ишга туширганди. Шунингдек, Ерга йилнинг энг ёрқин кометаси яқинлашиши хабар берилганди.