Афғонистондан 134 нафар талаба ўқишни давом эттириш учун Термизга келди. Бу  ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, мазкур маълумот Афғонистон учун мутахассислар тайёрлайдиган Термиз таълим ва ўқув маркази директори Ойбек Рўзиев томонидан тасдиқланган. «Афғонистондан 134 нафар талаба ўқишни давом эттириш учун келган. Уларнинг кайфияти аъло. Таътилдан кейин ўқишга киришади», — деган у.

Таъкидланишича, Термизда афғонлар икки мутахассислик — ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси ҳамда темир йўл қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича таҳсил олади. Уларнинг ўқиши паритет асосида тўланади. 2021 ўқув йилида Афғонистондаги сиёсий вазият кескинлашгани сабабли биринчи курс талабаларини ўқишга қабул қилиш амалга оширилмаган. Бироқ қўшни давлат расмийлари билан аллақачон келишувга эришилган ва 2022 йил февраль ойида яна 100 нафарга яқин афғонистонлик Термизга махсус курсларга келади.

Аввалроқ Мозори-Шарифдаги аэропортнинг 83 нафар ходими малака ошириш учун Ўзбекистонга келиши хабар қилинганди.