Янгиликлар - 13:18 · 30.12.2021

АҚШнинг 2 президентига суиқасд уюштирмоқчи бўлган йигит ушланди

АҚШ расмийлари Айова штатида мамлакат президенти Жо Байден ва собиқ президент Барак Обамага суиқасд уюштиришни мақсад қилган қуролланган йигитни ҳибсга олди. Бу ҳақда «NBC News» хабар берди.

Фото: «ABC News»

Маълум қилинишича, йигит Facebook (ҳозирги Meta) асосчиси Марк Цукербергни ҳам ўлдиришни режалаштирган. Калифорниядаги супермаркет ишчиси 25 ёшли Куачуа Брийон Сюн 30 декабрь куни ҳибсга олинган ва ҳозир қамоқда. Полиция йигитнинг машинасидан милтиқ, ўқ-дори, зирҳли қуроллар ва биринчи тиббий ёрдам қутиларини топган.

Расмийларга кўра, Сюн «ҳокимиятдагиларни ўлдириш учун тўғридан-тўғри Оқ уйга бориш ниятида» 18 декабрь куни уйини тарк этган. У терговчиларга «ўлдирмоқчи бўлган ёвуз одамларнинг» рўйхатини тузганини айтган. Рўйхатда Байден, Обама ва Цукербергдан ташқари АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи ҳам бор. Шикоятга кўра, Сюн телефонида харита иловасидан фойдаланган ва борадиган манзил сифатида Оқ уйни танлаган. Йигит терговчиларга Оқ уй ҳудуди чизмасини, шу жумладан, ҳужумни амалга оширмоқчи бўлган ҳудудини кўрсатган.

«У агар ҳибсдан озод қилинса, дарҳол Оқ уйга боришини ва режани амалга ошириш учун қўлидан келганини қилишини айтди. Сюн Калифорнияга қайтиш нияти йўқлигини айтган. У буни Оқ уйда ёвуз иблислар билан курашиб, ўлмоқчилиги билан изоҳлаган», дейилади суд ҳужжатида. Расмийлар йигитни АҚШнинг собиқ президентига таҳдид қилганликда айблаган.

Аввалроқ Туркияда Эрдўғонга суиқасд уюштирилганди. Шунингдек, Ироқ вазирининг қароргоҳига ҳужум қилинганди.