Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани «Толибон» Кобулни 15 август куни эгаллаганида мамлакатдан қандай қочганини маълум қилди. Бу ҳақда собиқ президент «BBC»га хабар берди.

Фото: «BBC»

Маълум қилинишича,  Ашраф Ғани 15 августда Кобулни ташлаб чиқишини хаёлига ҳам келтирмаган. У ўтирган самолёт Кобулни тарк этаётганини парвоз давомида тушуниб етган. Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетгани туфайли танқидлар остида қолаётганини айтиб, унга қўйилган айбловларга муносабат билдирган.

Таъкидланишича, «Толибон» Кобулга кирмаслик шартига кўнган, аммо Ғани икки соатдан кейин вазият ўзгарганини қайд этган.

«Толибларнинг икки фарқли гуруҳи Кобулга икки томондан яқинлашиб келаётганди. Улар орасидаги жанг 5 миллион аҳолиси бўлган пойтахтни вайрон қилиши мумкин эди», — дейди собиқ президент.

У миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ва рафиқаси Кобулни тарк этишига кўнади. Ўзи эса Мудофаа вазирлигига бориш учун машина кута бошлайди. Бироқ машина келмайди. Президент хавфсизлиги учун масъул шахс эса унга агар «қаршилик кўрсатишса, ҳаммалари ўлиши» муминлигидан огоҳлантиради.

«Менга икки дақиқа ҳам вақт беришмади, Хўстга кетишим керак эди. Хавфсизлик ходими менга Хўст ҳам, Жалолобод ҳам таслим бўлганини айтди. Мен қаерга кетаётганимизни билмасдим. Парвоз қилганимизда мен Афғонистонни тарк этаётганимизни тушуниб етдим», — деган Ғани.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни тарк этиши сабабли кўплаб танқидлар остида қолган. Жумладан, улар орасида вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ҳам бўлган. Айбловлар орасида собиқ президент катта миқдорда пул билан қочгани хабар қилинган.

Ашраф Ғани бу айбловни жиддий рад этиб, халқаро тергов ёрдамида ўз номини оқлашга тайёрлигини айтган.

«Мен мамлакатдан ҳеч қанақа пул олиб чиққаним йўқ, буни қатъий бир шаклда айтаман. Менинг ҳаёт тарзим ҳаммага маълум. Менга пул нимага керак?», — деган у.

Ғанига кўра, 15 август воқеаларига «Толибон» ва АҚШ собиқ президенти Трамп эришган келишув сабаб бўлган.

«Тинчлик жараёни ўрнига биз қўшинларни олиб чиқиш жараёнини бошладик. Бу келишув бизни том маънода ўчириб ташлади», — дейди собиқ президент.

Келишувга биноан Америка ўзи ва иттифоқчиларининг қўшинларини қисқартириши, маҳкумлар алмашувига рози бўлиши керак бўлган. Шундан кейин «Толибон» афғон ҳукумати билан музокарага киришишга кўнганди. Бироқ музокаралар иш бермаган.

Жумладан, 2021 йил ёзда президент Байден ўз қўшинларини 11 сентябрга қадар Афғонистондан олиб чиқишга ваъда берган. Ғани «Толибон» бундан фойдаланиб, Афғонистоннинг шаҳару қишлоқларини эгаллай бошлаганини айтган.

«Менинг умр бўйи қилган ишим вайрон бўлди. Қадриятларим топталди. Яна мени балогардон қилишди», — дейди у.

Афғонистон собиқ президенти сўзларига кўра, у ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилади.

Аввалроқ Ашраф Ғанининг мамлакатдан чиқиб кетишига оид яна бир сабаб маълум қилинганди. Шунингдек, Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай «Толибон»нинг Кобулни эгаллашига оид қўшимча маълумотларни очиқлаганди.