Бухоро вилоятидаги барча туман-шаҳар ҳокимлари 2022 йил 1–15 январь кунлари меҳнат таътилига чиқади. Бу бўйича вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг фармойиши эълон қилинди.

Фото: Яндекс

Маълум қилинишича, таътил «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига асосланиб ва Президент Администрациясининг 25 декабрдаги топшириғига биноан амалга оширилади. Вилоят ҳокими ўринбосарлари, маслаҳатчи ва ёрдамчилари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар секторлари раҳбарларининг меҳнат таътили тегишли муддатларга белгиланган.

Меҳнат таътилига чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинча ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилади. Туман ва шаҳар ҳокими вазифалари вақтинча юклатилган ҳоким ўринбосарлари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарор ва фармойишлар туман ва шаҳар ҳокими билан келишилгандан кейин қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ҳокимларга ўринбосарларининг соғлигини тиклаш мақсадида 2022 йил 17 январдан меҳнат таътилига чиқарилишини таъминлаш топшириғи берилган.

«Ситораи Моҳи-Хоса» санаторийсида туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда ҳоким ўринбосарларининг даволаниши ва соғлигини тиклаши учун тегишли шарт-шароитлар яратилади. У ерда таниқли санъаткорлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилади. Уларининг даволанишлари билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Маълумот учун, фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари ходимларнинг хоҳишига кўра пулли компенсация билан алмаштирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда йиллик меҳнат таътилини қисмларга бўлиб олиш бўйича маълумот берилганди.