Канадалик мутахассислар «омикрон» штами билан касалхонага ётиш хавфи «дельта»га қараганда 54 фоизга пастлигини аниқлади. Бу ҳақда «medRxiv» хабар берди.

Фото: «NBC News»

Келтирилишича, Торонто университети доценти Кевин Браун бошчилигидаги Канаданинг Онтарио провинцияси соғлиқни сақлаш департаменти ходимлари 22 ноябрдан 17 декабргача бўлган даврда минтақадаги касалланиш ва касалхонага ётқизиш статистикасини солиштирган.

Шу вақт ичида провинцияда 6314 нафар «омикрон» штами билан касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, шундан 21 нафари касалхонага ётқизилган ва шунга мос равишда 8875 нафар «дельта» билан касалланганларнинг 116 нафари касалхонага ётқизилган.

Ёш, жинс, эмлашнинг бошланиш санаси, ҳолати ва давомийлиги бўйича маълумотлар ўрганилгандан сўнг «омикрон» учун касалхонага ётқизишнинг ўртача хавфи «дельта»га нисбатан 54 фоизга паст бўлган. 60 ёшдан ошган ёш гуруҳида хавф 45 фоизга, 60 ёшгача бўлган гуруҳда эса 70 фоизга камни ташкил қилган.

«Омикрон» гуруҳида эмланмаганлар ва қисман эмланганлар 20,7 фоиз, тўлиқ эмланганлар 76,9 фоиз, қайта эмланганлар эса 2,4 фоиздан иборат бўлган. «Дельта» беморлари учун бу рақамлар мос равишда 50,1 фоиз, 48,5 фоиз ва 1,3 фоизни ташкил этган.

Мутахассислар ҳозирда Онтарио аҳолисининг 81 фоизи тўлиқ эмланганини ҳисобга олиб, «омикрон» ҳолатида қўшалоқ эмлашнинг самарадорлиги деярли нолга тушганини аниқлаган. Бироқ бустер эмланиш маълум бир ҳимояни таъминлагани қайд этилган.

Аввалроқ олимлар «омикрон» штамидан ҳимояланишнинг энг яхши усулини айтганди. Шунингдек, ЖССТ кимлар вакцинанинг учинчи дозаси билан эмланиши кераклигини маълум қилган.