Нукус шаҳри яқинида жойлашган музи ёрилган «Қоскўл» кўли ўртасидан 29 декабрь куни икки нафар вояга етмаган бола қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 29 декабрь куни соат 16:45 да Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига Нукус шаҳри яқинида жойлашган «Қоскўл» кўли ўртасида иккита вояга етмаган боланинг қолиб кетгани тўғрисида шу ердан ўтиб кетаётган гувоҳ орқали шошилинч хабар келиб тушган.

Хабарни қабул қилган бошқарма қутқарувчилари болаларни қутқариш учун воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган. Маълум бўлишича, кўл ўртасида икки нафар бола муз устида ўйнаётган вақтида муз ёрилиб, сувга тушиб кетган. Улар сувдан чиқиб олиб, кўл ўртасидаги оролчада қолиб кетган. Муз ёрилгани туфайли болаларнинг ортга қайтиш имкони бўлмаган.

Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида оролчада қолиб кетган болалар қирғоққа олиб ўтилиб, воқеа жойида уларга биринчи тиббий ёрдам берилган ва малакавий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Айни вақтда уларнинг аҳволи яхши ва ота-оналарига топширилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида машина жар ёқасидан қутқарилиб қолингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда каналда оқиб кетаётган қиз қутқариб қолинган.