Ўзбекистон Афғонистонга етказиб бериладиган электр қуввати ҳажмини тиклади
Аввалроқ электр етказиб бериш вақтинчалик қисқарганди
Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришни вақтинча қисқартиргани ҳақида хабар берилганди. Энергетика вазирлиги Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тикланганини маълум қилди.

Хабарга кўра, энергетика тизимини истеъмолчилар билан боғловчи электр тармоқлари таъмирланиши якунланган.
«Таъминотнинг 50 фоизга қисқариши 220 киловатт қувватга эга иккита электр узатиш линиясидан бири таъмирлашга олиб қўйилгани билан боғлиқ. Тармоқни таъмирлаш ишлари якунланиб, олдинги етказиб бериш ҳажми тикланди», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Миллий электр тармоқлари акциядорлик жамияти Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси билан 2019 йилда тузилган шартнома асосида Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. 10 йилга имзоланган ҳужжатга кўра, етказиб беришнинг йиллик ҳажми 6 миллиард киловатт/соат электр энергиясини ташкил қилиши керак.
Аввалроқ Афғонистон электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қанча қарздор экани маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакат электр энергияси бўйича Ўзбекистон олдидаги қарзини қачон тўлаши ҳақида хабар берилган.