Шавкат Мирзиёев раислигида 30 декабрь куни 2022 йилда иқтисодиёт тармоқлари ва коммунал соҳа барқарор ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда йил оғир келганига қарамай, иқтисодиётда ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди. Хусусан, 2021 йилда ялпи ички маҳсулот 7 фоизга, саноат 9,5 фоизга, хизматлар 20 фоизга, қурилиш соҳаси 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсгани, инфляция даражаси 10 фоиздан паст бўлгани қайд этилди.

Экспорт ҳажми 16,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан қарийб 1,3 миллиард долларга ошган. Умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 318 та йирик ва 14 мингта ҳудудий лойиҳалар ишга тушган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш шароити яхшиланган.

Йиғилишда 2022 йилда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ва саноатни 7 фоиздан юқори, хизматларни қарийб 30 фоизга ошириш мақсад қилинган. Давлат раҳбари 2022 йилнинг бошиданоқ барча тармоқ ва ҳудудлар тизимли ишлаб, бу мақсадларга эришиш учун мустаҳкам замин яратиш кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқ дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида қиш ойларида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга барқарор етказиб бериш бўйича вазифалар белгиланди. Электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти, коммунал, соғлиқни сақлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизимларининг барқарор ишлаши муҳимлиги қайд этилди.

Малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жамоат, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.