Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Янги йил билан табриклади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Россия раҳбари Ўзбекистон Президентига йўллаган мактубида 2022 йилда Москва ва Тошкент ўртасида долзарб масалалар бўйича самарали мулоқот ва яқин ҳамкорликдаги ишлар давом этишига умид билдирган.

«Бу, шубҳасиз, дўст Россия ва Ўзбекистон халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга мос келади», — деган Путин.

Шунингдек, у Мирзиёевнинг ноябрь ойидаги Москвага ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамлигини тасдиқлаб, ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаш имконини берганини таъкидлаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашувида қатнашганди.