Рейтинглар, Янгиликлар - 20:00 · 30.12.2021

Рейтинг. Андижонда энг баланд, Навоийда энг паст. Республикадаги топ арчалар еттилиги

Янги йил турли-туман безаклари, совғалари, Қорбобою Қорқизлари ва энг асосийси чиройли безатилган арчалари билан ҳам энг жозибали байрамлардан биридир. Республикамизнинг барча ҳудудларида ҳар йили байрам олди арчалар безатилиши сизга маълум. Бугунги рейтингимизда сиз билан вилоятлардаги энг йирик арчалар ҳақида гаплашамиз.

Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўрнатилган 56 метрлик арча республикамиздаги энг йирик арчадир. Айтишларича, у Марказий Осиёнинг энг сервиқор арчаларидан бири ҳамдир. Вилоят аҳолисининг айтишига қараганда, арча атрофида ҳам, мана бир неча ҳафтадирки, байрам авжида, янги йил олди тантаналар ҳам байрам кайфиятини янада мустаҳкамламоқда.

Фото: Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Наманган вилоятида ҳам тантаналар авжида. Вилоятнинг асосий маданий тадбирлари Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва «Афсоналар водийси» номли боғларда бўлиб ўтмоқда. «Афсоналар водийси»да республикадаги энг баландларидан бири — 40 метрлик арча ўрнатилган.

Фото: «Daryo.uz»

Қашқадарё вилоятининг 36 метрлик арчаси рейтингимизнинг иккинчи ўринида. Вилоят ҳокимлиги масъул ходимларининг хабар беришича, бош арча атрофида 22 нафар кўчма дўкон, 50 дан ортиқ декоратив безаклар мавжуд, ўндан ортиқ турли эртак қаҳрамонлари кийимидагилар болаларни хурсанд қилмоқда.

Фото: «Nasafnews.uz»

Тўртинчи ўриндан жой олган 35 метрлик Ўзбекистон бош арчаси Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўрнатилди. Демак, бу ўрин Тошкент вилоятига насиб қилди дейиш мумкин.

Фото: «Telegram/ Локации uzb»

Навбатдаги ўринда Бухоро вилоятининг 33 метрлик арчаси. Мазкур арча Бухоро шаҳрида ўрнатилган бўлиб, унинг атрофида 20 дан ортиқ кўчма дўконлар ташкил этилган экан. Куни кеча байрам олди тадбирларда «Беном» гуруҳи аъзолари чиқиш қилганини хабар беришмоқда. Бугунги тантаналарга эса санъаткорлар ота-ўғил Комиловлар таклиф қилинган.

Фото: Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрининг уч нуқтасида Янги йил арчалари ўрнатилган бўлиб, шундан 25 метрлик арча бизнинг рейтингимизда. Ҳудуд масъул ходимларининг хабар беришича, мазкур жойларда эртаклар шаҳарчаси тимсолида савдо ярмаркалари расталари ўрнатилиб, турли бадиий ва кўнгилочар дастурлар намойиш этилади. Нукус шаҳри марказидаги Т.Қайпбергенов ва Саёҳатчилар кўчалари кесишмасида жойлашган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи олдидаги майдонда асосий байрам тадбирлари бўлиб ўтади.

Навоий вилояти Навоий шаҳрида ўрнатилган 24 метрлик арча рейтингимизни якунламоқда. Арча атрофида 30 дан ортиқ Янги йил уйчалари ташкил этилган экан.

Афсуски, рейтингимизни шу нуқтада якунлаймиз. Боиси минг уринсак-да, бошқа вилоятлар масъул ходимлари билан боғланишнинг, айрим ҳолларда эса муваффақиятли боғланган бўлсак-да, тегишли маълумотни олишнинг имкони бўлмади. Биз республиканинг турли ҳудудлари билан ҳамкорлик қилишдан мамнун ва манфаатдормиз. Янги йилингиз муборак бўлсин! Юқорида тилга олинган пурвиқор арчалар сизнинг Янги йилингизни янада порлоқ шодиёнага айлантирсин! Яна рейтинглашгунча деб қоламиз.

Bugun — LIVE